×

ali2001(26)

Коронавирус Италиядан уч қитъага тарқалди. Сўнгги маълумотлар

Коронавирус Италиядан уч қитъага тарқалди. Сўнгги маълумотлар
Новости мира
27.02.2020, 02:36
577
0
Европанинг бир қанча давлатларида янги типдаги Covid-19 коронавируси инфекциясидан зарарланишнинг илк ҳолатлари қайд этилди. Катта эҳтимол билан бу тарқалиш Италия билан боғлиқ, Апеннин яриморолида вирусдан зарарланганлар сони 323 нафарга етган, 11 киши вафот этган.

Фото: AFP
Сўнгги маълумотларга кўра, Австрия, Хорватия, Швейцария, Руминия ва Грецияда шу кунларда Италияда бўлиб қайтган фуқароларда коронавирус аниқланган.

Коронавирус Европага тарқалмоқда, Италия шаҳарлари карантинда. Сўнгги маълумотлар

Африка шимолидаги Жазоирда ҳам вирусдан зарарланишнинг илк ҳолати қайд этилди: бу бемор Италия фуқароси бўлиб, у 17 февраль куни Италияда бўлган.

Бразилиянинг Сан-Паулу шаҳрида ҳам 61 ёшли эркакда касаллик аниқланган, у яқинда Италияда хизмат сафарида бўлиб қайтганди, бу Жанубий Америкада ушбу вирус аниқланган илк ҳолатдир.

Италияда вирус юқтирганлар сони ўсишда давом этмоқда, аммо қўшни мамлакатлар чегараларни ёпишга шошилмаяпти, бу «пропорционал чора бўлмайди» деб ҳисобланмоқда. Франция, Германия, Италия ва Еврокомиссия вакиллари ўзаро учрашувда одамларнинг ҳаракатланишига чеклов ўрнатмасликка қарор қилишди.

«Гап вирус ҳақида кетмоқда, у чегара билмайди», - деган Италия соғлиқни сақлаш вазири Роберто Сперанца. Унинг германиялик ҳамкасби Йенс Шпан Италиянинг қўшнилари оғир вазиятга «жиддий муносабатда бўлиши»ни айтиб, бундан кейин вазият янада ёмонлашиши мумкинлигини истисно қилмаган.

Буюк Британияда Италия шимолида таътил ўтказиб қайтган мактаб ўқувчиларига уйга жавоб бериб юборилган, ҳукумат фуқароларига ушбу мамлакатга сафар қилмасликни тавсия этмоқда. Аммо Британия соғлиқни сақлаш вазири Мэтт Ҳэнкок ҳукумат Италия билан авиаалоқани тўхтатмаслигини маълум қилди, ҳар йили бу мамлакатга уч миллионга яқин британиялик ташриф буюради.

«Италияга қаранг, у ерда Хитойдан келаётган самолётларни қабул қилиш тўхтатилган, лекин Италия Европада ҳаммадан кўпроқ зарар кўрган мамлакат бўлиб турибди», деган Ҳэнкок.

Европада нималар бўлмоқда?

Австрияда италиялик ёш жуфтликда коронавирус аниқланди, улар Тиролдаги Инсбрук шаҳрида яшаб келишган. Улардан бири ишлаган меҳмонхона ҳозирда ёпиб қўйилган.

Коронавирус авж олиши туфайли Венеция карнавали бекор қилинди / AFP/GETTY IMAGES
Швейцария ҳукумати Италия билан чегарада жойлашган Тичино кантонида яшовчи кекса ёшли эркак Миланга борганида вирус юқтиргани ҳақида хабар берган, айни вақтда бу бемор изоляция қилинган.

Вирус яқинда Италиядан Хорватияга келган эркакда ҳам аниқланган, бу Болқон мамлакатларида илк бор вирус аниқланиши бўлди.

Канар оролларидаги Тенерифе шаҳрида мингга яқин мижоз жойлашган йирик меҳмонхона айни вақтда карантинга олинган. Бу меҳмонхона мижозларидан бири, Италиядан турмуш ўртоғи билан бирга таътилни ўтказиш учун келган шифокорда вирус борлиги маълум бўлган.

Испаниядаги меҳмонхонада юзлаб мижозлар карантинга олинди. Коронавирус бўйича сўнгги маълумотлар

Испаниянинг материкдаги қисмида ҳам вирус юқишининг илк ҳолати ҳақида эълон қилди: Барселонада яқинда Италия шимолида бўлиб қайтган аёлда вирус аниқланган.

Шунингдек, Руминияда уч ҳафта муқаддам Италиядан келган сайёҳда вирус аниқланди.

Грецияда мамлакатнинг 38 ёшли фуқаросида вирус аниқланган, бу аёл Италия шимолида таътилни ўтказиб қайтганди. У айни вақтда Салоникада шифокорлар назорати остида бўлиб турибди. У билан алоқада бўлганларнинг барчаси текширилмоқда.

Франция ва Германия ҳукуматлари ҳам Италияда бўлиб қайтган фуқаролари вирусга чалингани билан боғлиқ янги ҳолатлар ҳақида маълум қилди. Францияда иккинчи ўлим ҳолати қайд этилди: 60 ёшли француз Covid-19 қурбони бўлди. Аввалроқ Францияда коронавирус келтириб чиқарган касаллик оқибатида Хитойдан келган 80 ёшли сайёҳ оламдан ўтганди.

Жаҳондаги вазият

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти 26 февраль тонгида эълон қилган маълумотларга кўра, бутун дунё бўйлаб жами 80980 киши коронавирусдан зарарланган. Ташкилот бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус Хитойдан ташқарида вирусдан зарарланиш ҳолатларининг кескин ўсиши «жиддий хавотирларни келтириб чиқаргани»ни айтиб ўтган.

Коронавирусдан зарарланиш ҳолатларининг асосий қисми Хитойда, бу ерда сўнгги маълумотларга кўра, 78 мингдан ортиқ кишида вирус аниқланган, 2700 киши вафот этган. Лекин сўнгги ҳафта мобайнида бу мамлакатда вирусдан зарарланганлар ва қурбонлар сони ўсиши пасайди. Сешанба куни ХХР ҳудудида 52та ўлим ҳолати қайд этилди - бу сўнгги уч ҳафта мобайнидаги энг паст кўрсаткичдир.

Италия - Хитойдан ташқаридаги учта эпидемия ўчоғидан бири бўлиб турибди.

Теҳронда қўшимча хавфсизлик чоралари қўлланган / AFP
Эронда расман 139та вирус юқтириш ҳолати қайд этилган, 19 киши вафот этган, аммо норасмий маълумотларга кўра, вирусдан зарарланганлар ва қурбонлар сони анча кўп бўлиши мумкин. Эрон соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, аввалроқ ҳукумат коронавирус бўйича ҳақиқий ҳолатни яширмаётганини айтган Ирож Харирчи унинг ўзида вирус аниқланганини маълум қилди.

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний давлат ҳеч бир ҳудудда карантин жорий этмаслигини маълум қилди. «Аммо кимдадир касаллик белгилари аниқланса, уни карантинга жойлаштириш керак бўлади», дея қўшимча қилган у.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео эса бутун жаҳондаги давлатларни «коронавирус ҳақидаги ҳақиқатларни яширмаслик»ка чақирган ва Эрон вирус тарқалиши бўйича «муҳим маълумот»ни яшираётган бўлиши мумкинлигини тусмол қилган.

Коронавирус Эронда: Икки амалдор касалланган, вазият оғирлашмоқда

Эронда вирус тарқалиши кўлами ҳақида аниқ ва ишончли маълумотлар мавжуд эмаслиги туфайли бу мамлакатдаги вазият халқаро экспертларнинг энг кўп ташвишига сабаб бўлмоқда.

Лондондаги Kings Colledge университетининг инфекцион касалликлар бўйича эксперти Натали Макдермотнинг сўзларига кўра, Эронда қайд этилган ҳолатларнинг аксари кекса ёшли одамлар билан боғлиқ бўлиб, фақат уларда аниқланган ҳолатлар ҳақида маълум қилинмоқда.

«Шундай тасаввур ҳосил бўлганки, бизга фақат айсбергнинг учи ҳақида айтишмоқда, қолган қисми ҳақида ҳеч нарса маълум эмас - нисбатан ёшроқ бўлганлар вирус юқтирган бўлсада, улар вирус юқтиргани ҳақида билмасликлари мумкин», деган у.

Эрон қўшнилар учун хавф манбаига айланди. Ҳукумат коронавирус бўйича маълумотларни яширмоқдами?

Россия 28 февраль куни Эрон фуқароларига виза бериш тўхтатилганини маълум қилди.

Жанубий Кореяда коронавирусдан зарарланганлар сони 1261 нафарга етган, 11 киши ҳалок бўлган. Бу мамлакат коронавирус юқиши билан боғлиқ энг кўп ҳолат қайд этилиши бўйича Хитойдан кейинги иккинчи давлатдир. Айни вақтда 16 734 кишининг таҳлиллари ўрганилмоқда.

Жанубий Кореяда аниқланган коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатларининг 900дан ортиғи Тэгу шаҳри ва унга қўшни Кёнсан-Пукто провинциясига тўғри келмоқда. Жанубий Корея авиакомпаниялари Тэгуга рейсларни вақтинча бекор қилган. Бу шаҳарда истиқомат қилувчи Синчонжи сектаси издоши ҳисобланган аёл коронавирус тестидан ўтишдан бош тортиб, икки ҳафта давомида мингга яқин одам билан бирга ибодатларда иштирок этиши Жанубий Кореяни жаҳондаги учинчи энг йирик коронавирус ўчоғига айлантирганди. Ҳукумат бу секта аъзолари бўлган 215 мингдан ортиқ кишида вирус бор-йўқлигини аниқлаш учун текширувлар ўтказмоқда.

Мамлакат президенти Мун Жэ Ин 25 февраль куни вазиятни «фавқулодда жиддий» деб атаб, шаҳарни «алоҳида фалокат ҳудуди» деб эълон қилишнинг ўзи етарли бўлмаслиги мумкинлигини таъкидлаган эди.

АҚШ ҳарбий раҳбарияти Жанубий Кореяда хизмат қилувчи америкалик аскарлардан бири (Тэгудаги базада) вирус юқтириб олганини тасдиқлади.

АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва профилактика марказлари вирус мамлакатда оғир муаммоларни келтириб чиқариши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирган. Шу билан биргаликда, амалдорлардан бири, гап бу эпидемия қачон глобал пандемия сифатида тан олинишига боғлиқлигини қайд этиб ўтган.

Коронавирус: Пандемия бошландими ёки йўқ, қўрқувга ҳожат борми?

Японияда бош вазир Синдзо Абэ барча спорт ва маданий тадбирларни бекор қилишга ёки икки ҳафта кейинга қолдиришга чақирди, 2020 йилги Токио Олимпиадаси ушбу мамлакатда ўтказилиши хавф остида қолган.
UMX.UZ Коронавирус Италиядан уч қитъага тарқалди. Сўнгги маълумотлар

Ctrl
Enter
Заметили ошЫбку
Выделите текст и нажмите Ctrl+Enter
Комментарии (0)
Топ из этой категории
home-page--v1 messaging- store tasks--v1